Сайт тест режимида

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

Бош бошқармаси
Ҳар доим алоқада (71) 231-33-37
Ўзбекча

Устоз ва шогирд анъанаси

Ота ўгити – йўлида маёқ

Хатирчининг Олтинсой қишлоғи бебаҳо туп­роғи, бетакрор табиати, беназир инсонлари билан машҳур, десак, муболаға бўлмайди. Агар йўлингиз тушиб, Олтинсой тарафларга ўтиб қолсангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Тупроқ билан тиллашадиган миришкор деҳқонлару соҳибкор боғбонлар, танти, меҳнаткаш, илму маърифатга, янгиликка ўч инсонларни шу ерда учратишингиз аниқ. Капитан Дилмурод Ҳасанов шу гўшада туғилиб вояга етган. Табиатидаги шижоат, меҳнатсеварлик, одамларга бўлган меҳр ва жонкуярлик шу заминдан юққан бўлса ажабмас. Айтмоқчи бўлганимиз, бу фазилатлар унинг ички ишлар органи ходими сифатида одамлар қалбига йўл топишига омил бўлаётир.

– Тумандаги 55-ўрта мактабни тамомлагач, Тошкент давлат университетининг тарих факультетига ҳужжат топширганман, – деди у суҳбат чоғида. – Дорилфунунда ўқиб юрган давримда ички ишлар органлари соҳасига бўлган қизиқишим чинакам орзуга айланди. 2004 йилда ўқишни тамомлаб, Хатирчига қайтгач, ота-онамга ўз мақсадларим ҳақида айтдим. Отам ниятимни билгач, аввалига бироз ўйланиб турдилар-да, сўнг қўлларини дуога очиб, оқ фотиҳа бердилар. «Болам, халққа қайишадиган ходим бўл. Одамлардан ёрдамингни аяма, ана шунда элнинг назаридан қолмайсан», – дедилар. Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, отамнинг ўгитлари ҳамиша қулоқларим остида жаранглайди.

Айни вақтда профилактика инспектори, капитан Д. Ҳасанов Навоий шаҳар ИИОФМБ 1-сонли ИИБга қарашли 11-сонли таянч пунк­тида фаолият олиб бормоқда.

– Дилмурод билимли, интилувчан ходим. Фаол ва жонкуярлиги билан ҳамкасбларига ибрат бўлмоқда, – дейди Навоий шаҳар ИИОФМБ бош­лиғининг ўринбосари, майор Олим Усмонов. – У ўзининг хизмат ҳудудида виждонан меҳнат қилиб, элнинг дуосини оляпти. Одамшаванда, хушмуомала, камтаринлиги билан ҳурмат-эътибор қозонмоқда.

Навоий шаҳридаги Янгиариқ маҳалласида қарийб тўрт минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Дилмурод Ҳасанов ҳудуд аҳлининг осойишталиги, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида маҳалла раиси Абусаид Мавлонов ҳамда фаоллар билан бамаслаҳат фаолият олиб бормоқда.

– Юртбошимиз ҳамда ИИВ раҳбарияти томонидан профилактика инспекторларини халққа яқинлаштириш мақсадида улар хизмат қилаётган ҳудуддан уй-жой билан таъминлашга катта эътибор қаратилганлиги айни муддао бўлди, – дейди маҳалла оқсоқоли А. Мавлонов.

Ҳа, Дилмурод Ҳасанов Янгиариқ маҳалласида яшайди. Бу эса аҳолига ҳам, ходимнинг ўзига ҳам қулай. Негаки, гоҳида эрта тонгда, гоҳ эса кечки пайт ишдан сўнг фуқаролар уйига келиб мурожаат қилишади: кимдир бирор масалада маслаҳат сўраса, яна кимдир оилавий аҳволи ҳақида гапириб, муаммоларига ечим излайди.

 – Яқинда кеч соат тўққизларда уйга келсам, – дейди профилактика инспектори. – Аёлим бир киши сўраб келганини айтиб қолди. Ҳали гапи тугамасдан эшик қўнғироғи чалинди. Чиқиб қарасам, маҳалла бошида турадиган Аҳмад ака. Уйга таклиф қилдим. Бироз ўнғайсизланиб турди-да, секин гап бошлади:

 – Дилмуроджон, иш жойингга ўтсам ҳам бўларди-ю, аммо андиша қилдим...

 Отахоннинг оиласида анчадан буён нотинчлик. Қизи турмушидан ажралиб келган. Битта фарзанди бор. Ҳозирги кунда ота кенжа ўғли билан яшайди. Унинг ҳам уч нафар фарзанди бор. Бола бола-да. Баъзида жанжаллашиб қолишади. Уларга катталар ҳам қўшилишади. Айниқса, қизи оиласи бузилганидан сўнг бироз жиззаки бўлиб қолган. «Бу уйда боламга ҳам, менга ҳам кун йўқ деб», уввос солиб йиғлашга тушади. Хуллас, кичкиналар ўртасида бошланган жанжал катталашади.

 – Қизимни фарзанди билан бирор ижара уй топиб жойлаштирай десам, ўзи ишсиз, даромади йўқ, ёлғиз бўлса, рўзғорини қандай ўтказади, деб бошим қотган, – деди отахон ўйга толиб. – Дилмуроджон, иложи бўлса, шу қизимнинг ишга жойлашишига ёрдам берсанг...

 Профилактика инспектори эртаси куни маҳалла раиси билан бамаслаҳат ишга киришди. Ҳатто шаҳар хотин-қизлар қўмитасига ҳам отахоннинг қизини иш билан таъминлаш масаласида хат билан чиқишди. Ҳаракатлар бесамар кетмади. Яқинда Сабоҳат (исмлар ўзгартирилди) шаҳардаги корхоналардан бирига ишга жойлашди.

 Халқимизда «Маҳалла тинч – юрт тинч» деган пурҳикмат нақл бор. Дилмурод хизмат тақозосига кўра Янгиариқ маҳалласидаги ҳар бир хонадонни яхши билади. Аҳолининг аксарият қисми иш билан банд бўлса-да, бироқ оиласига ҳам, жамиятга ҳам нафи тегмайдиган бекорчилар йўқ эмас. Жанжалкаш, ичкиликка ружу қўйганлар қаторида улар ҳам доимий назоратга олинган.

 – Кўпгина иллатларнинг илдизи бекорчиликка бориб тақалади. Фойдали меҳнат билан банд бўлмаганларни имкон даражасида иш билан таъминлашга кўмаклашяпмиз. Лекин очиғини айтганда, ёши ўттизга чиқса-да, меҳнатга бўйни ёр бермайдиганлар ҳам бор, – дейди суҳбатдошим куюниб.

 Профилактика инспектори гап орасида хонадонига таклиф қилди. Шундоқ маҳалла идорасининг ёнида жойлашган мўъжазгина, шинам уй экан. Остонадан киришингиз билан уйдаги тартиб, саранжом-саришталикни кўриб баҳри дилингиз очилади. Хонадон соҳибининг турмуш ўртоғи Нилуфархон дарров дастурхон ёзиб, чой дамлаб келди. Бирин-кетин салом бериб хонага кирган фарзанд­лари билан таништиришди: «Баҳора, Беҳрузжон».

 Файзли хонадонда бахт аталмиш ноёб неъмат соҳиб­ларининг ўзаро ҳурмати, тотувлигини кўриб, ҳавас қиласиз. «Уйи, оиласидан кўнгли хотиржам инсоннинг ишида самара, унум бўлади», дейи­шади. Назаримда, профилактика инспектори, капитан Дилмурод Ҳасановнинг бахти, муваффақиятлари сири айнан оилада. Суҳбатимиз якунида кўнгилдан ўтган самимий тилакларни изҳор қилдик: юрт тинчлиги, осойишталиги, фуқаролар хавфсизлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиб, маҳалла аҳлининг меҳри, ишончига сазовор бўлаётган шижоатли ходимнинг омадини берсин. Бахтли оиласига кўз тегмасин.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

Бош бошқармаси
Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳри, Ю.Ражабий кўчаси 1-уй
Ушбу сайтда чоп этилган материаллардан фойдаланилганда www.hpbb.uz хаволасини кўрсатиб ўтиш шарт
Сайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech