Сайт тест режимида

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

Бош бошқармаси
Ҳар доим алоқада (71) 231-33-37
Ўзбекча

ҲПББ ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси

Истиқлол миллий қадриятларимиз манбаи, барча эзгуликлар илҳомчиси эканлигига турли жабҳаларда рўй бераётган ўзгаришларни кўриб ишонч ҳосил қиляпмиз. Мустақиллик туфайли халқимиз хотиржам, эмин-эркин ҳаёт кечирмоқда. Осмонимиз ҳамиша мусаффо, элимиз фаровон бўлиши учун барча ҳуқуқ тартибот идоралари сингари ички ишлар органлари ходимлари ҳам кунларни тунларга улаб самарали хизмат олиб боришяпти. Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўтган йиллар давомида Ўзбекистон дея аталмиш давлатни дунё таниди.

Мамлакатимизда ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиши учун бошланган катта ҳаракатларнинг амалга ошиши, тинч ва фаровон турмуш қуришнинг асосий омили, тинчлик ва осойишталикдир. Юртда тинчлик ва осойишталикни сақлаш ички ишлар органлари ходимларининг зиммасидаги улкан вазифа ҳисобланади. Бу вазифаларни бажариш ва ички ишлар органларининг фаолиятини замон талаби асосида ташкил этиш учун улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишни кучайтириш, учун аввало, ички ишлар органларининг қуйи бўғини бўлган профилактика хизматини такомиллаштиришга алоҳида эътиборни қаратилди.

Профилактика хизматини янада такомиллаштириш учун давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатларда профилактика хизмати олдида турган кўплаб вазифалар ўз аксини топган. Хусусан, Ички ишлар вазирлигида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ташкил этилди. Унинг таркибига иккита бошқарма, саккизта бўлим ва бўлинмалар киритилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ, вилоятлар ИИБ, Транспорт ИИБларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари, шаҳар, туман ИИБларида эса бўлим, бўлинма ва гуруҳлар фаолият юритиши йўлга қўйилди.

Юртбошимизнинг ташаббуси билан ички ишлар органлари тизимида кейинги йилларда профилактика инспекторларининг штат бирликлари кўпайтирилди, уларнинг хизмат самарадорлигини ошириш ва қулай иш шароитлари яратиш мақсадида ҳудуларидан хизмат уй-жойлар ажратилди ҳамда уларга имтиёзли кредит асосида автоуловлар тарқатилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимларини халқ орасида бўлиши, уларнинг дарду ташвишларидан доимо огоҳ бўлиш ва ёрдам бериш, фуқароларнинг барча муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал этиш ҳақида бот-бот таъкидлайди.

Профилактика инспекторлари мазкур вазифаларни бажариши учун кенг жамоатчилик ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда иш олиб бориши лозим бўлади. Ана шу мақсадда маҳалла фуқаролар йиғини бошқарув идораси билан таянч пункти бир бинода жойлаштирилди. Таянч пунктида профилактика инспекторининг хизмат олиб бориши, фуқароларни қабул қилиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, замонавий алоқа воситалари, компьютер техникалари билан жиҳозланган.

Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси раҳбарияти томонидан профилактика инспекторларининг касб маҳоратини ошириш, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини юксалтириш, илғор иш услубларини тарғиб қилиш мақсадида семинар-тренинглар, турли тадбирлар уюштирилмоқда. Шунингдек, мамлакат миқёсида энг намунали таянч пунктларини аниқлаш ва бу жойларда фаолият кўрсатаётган профилактика инспекторлари ҳамда жамоат ташкилотларининг иш тажрибасини оммалаштириш мақсадида ҳар йили кўрик-танлов ўтказилиши анъанага айланган. Биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган таянч пунктлари хизмат автомашинлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланмоқда. Айни пайтда мавжуд таянч пунктлари ҳар томонлама етук, халқ билан  ишлашга билими, тажрибаси, ақл-идроки етадиган жонкуяр профилактика инспекторлари билан жамланиб борилмоқда.

Ўз навбатида осойишталик посбонлари ўзлари хизмат қилаётган ҳудудда ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилишга масъул бўлган етакчи ходим сифатида билими ва маҳоратини намоён этишяпти. Улар аҳоли мурожаат этаётган хуқуқий масалалар, ижтимоий муаммоларани таянч пунктининг ўзида ҳал этишаётгани туфайли фуқаролар ички ишлар ёки бошқа идораларга овора бўлиб боришларига ҳожат қолмаяпти. Ички ишлар органларининг жиноят қидирув, патруль-пост ва бошқа соҳавий хизматлари ўз фаолиятини айнан маҳаллада профилактика инспектолари билан ҳамкорликда ташкил этаётгани жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашишда муҳим омил бўлмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳуқуқбузарлкилар профилактикаси тизимида хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторлари лавозимлари жорий этилди. Ушбу тоифадаги шахслар билан ҳуқубузарликларнинг барвақт олини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз самасини бермоқда. Бугунги кунга келиб, аёллар томонидан содир этилаётган жиноятлар кескин камайишига эришилди.

Шу билан бир қаторда профилоактика инспекторларининг жамат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари лавозимлари жорий этилди. Бу лавозимларга ўн саккиз ёшдан ўттиз ёшгача бўлган йигитлар қабул қилиниб, улар ҳудудда  хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш, жамоатчилик тузилмалари вакилларининг фаолдиятини назорат қилиш ва бошқа амалга оширилаётган профилактик ишларда ёрдам беради.

Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларни ишга жойлаштириш, оилавий ахволидан хабардор бўлиб туриш, қайта жиноят содир этмаслиги учун профилактик ишлар олиб бориш ҳам пролфилактика инспекторининг диққат марказидадир. Профилактика инспекторлари республика миқёсида ўтказилаётган профилактик огоҳлантирув тадбирларида фаол иштирок этишмоқда. Ундан ташқари ўз ҳудудларида содир этилган жиноятларни тегишли хизматлар билан ҳамкорликда фош этишда жонбозлик кўрсатишмоқда.

Баъзан ходимлар вазият тақозосига кўра ашаддий жиноятчилар билан ҳам юзма-юз келишига тўғри келади. Улар бундай қалтис вазиятда саросимага тушмай, эл-юрт тинчлиги, осойишталиги учун ўз кўксиларини қалқон қилиб, керак бўлса жонларини ҳам аяшмаяпти.

Мустақиллик йилларида хизматда ўрнак кўрсатиб, бурчини шараф билан уддалаётган, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган профилактика инспекторлари давлатимизнинг турли мукофотлари билан тақдирланмоқда. Уларнинг кўп йиллик фидойи хизматлари инобатга олиниб, муддатидан аввал унвонлар бериляпти.

Барча саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад битта, у ҳам бўлса мамлакатимизда барқарорликни сақлаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда профилактика инсрпектолрлари ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигига эришишдир. Бу вазифа кўнгилдагидек уддаланаётгани натижасида ҳудудда умуман жиноят содир этилмаган маҳаллалар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Республкамизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳақ-ҳуқуқларини таниб олишларини таъминлаш, мустақил давлатимизнинг аоссий тамойилларидан бирига айланди. Бу улкан ислоҳотларни ҳаётга жорий этишда профилактика хизмати ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор, дея бемалол айта оламиз. Зеро улар орасида ўз касбига сидқидилдан ёндашаётганлари кўпчиликни ташкил этар экан, мамлакат тинч, фуқаролар ҳаёти осойишта, маҳаллаларимиз эса бунданда обод ва кўркам бўлиб борверади.

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

Бош бошқармаси
Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳри, Ю.Ражабий кўчаси 1-уй
Ушбу сайтда чоп этилган материаллардан фойдаланилганда www.hpbb.uz хаволасини кўрсатиб ўтиш шарт
Сайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech