Сайт тест режимида

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

Бош бошқармаси
Ҳар доим алоқада (71) 231-33-37
Ўзбекча

Китобхонлик маданияти

 

Китоб – умр йўлларини ёритувчи сўнмас нур, инсон ҳаётига мазмун бахш этувчи саодат манбаи, унга ҳар қандай вазиятда ҳам ҳамроҳ бўлувчи содиқ дўст. Инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китоб сингари кучли қудратга эга восита йўқ. Шу боис азал-азалдан маърифат пешволари, аҳли донишлар бутун инсониятни китоб ўқишга, ундан илму одоб сирларини ўрганишга чорлаб келишган.

Дарҳақиқат, китоб инсонни ердан кўкка кўтарувчи, унинг маънавий қувватини оширувчи буюк кучдир. У инсониятнинг тарихий хотираси, маънавий-маърифий олами, илмий заминини мустаҳкамловчи, келажакни ёрқин кўрсатиб боришга қодир машъала ҳисобланади.

Ахлоқ-одоб борасида буюк асарлар яратган Муҳаммад Жабалрудий китоб ҳақида шундай дейди: «Эй, азиз! Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқдир. Китоб фасоҳат, балоғатда, латофатда тенги йўқ, мунофиқликдан холи ҳамроҳдир. Ёлғизликда ва ғамли айёмларда мунис улфатдир. Унда на нифоқ бору, на гина. У шундай ҳамдамки, сўзларида ёлғон ва хато бўлмайди. Суҳбатидан эса кишига малоллик етмайди. У ўз дўстининг дилини оғритмайди. Юрагини эса сиқмайди. У шундай рафиқдирки, киши орқасидан ғийбат қилиб юрмайди. Унинг суҳбатидан сенга шундай файз­ли фойдалар етадики, бундай фойдани одамлардан топа олмайсан. Аксинча, аксар одамлар суҳбатидан кишига зарар етади. Китобдек дўст ичида барча илму ҳилм мужассамдирки, у кишиларни ўтмишдан ва келажакдан огоҳ қилиб туради. Шунинг учун ҳам «китоб ақл қалъасидир».

Бугун жамиятимизда китобхонликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор берилиб, кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг
2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши, 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ва
2018 йил 12 майдаги «Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари асосида мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган бир қатор ташкилий-амалий чора-тадбирлар амалга оширилиши жамиятда китобга бўлган муносабатнинг ижобий томонга ўзгаришига замин яратди.

Хусусан, ички ишлар органларида китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасидаги ишлар вазирлик раҳбариятининг доимий эътиборида бўлиб келаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Зеро, бугун мамлакатимизда ички ишлар органларининг ҳар бир ходими томонидан «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни муқаддас бурч деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилаётган бир даврда ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этган тизим ходимларининг касбий малакасини, ҳуқуқий билимларини ошириш, уларнинг маънавий дунё­қарашини юксалтириш, ходимлар билан маънавий-тарбиявий ишларни янада кучайтириш каби вазифаларни бажаришда китоб энг яқин кўмакчи бўлиши шубҳасиз. Бугун шиддат ила ривожланаётган замон билан ҳамнафас бўламан, деган ҳар бир давлат хизматчиси, жумладан, ички ишлар органлари ходимлари ҳам доимо ўз устида ишлаши, билим ва кўникмаларини тинимсиз ошириши зарур. Бунинг учун эса кун тартибида китоб мутолаасига ҳам вақт ажратиши, кундалик даврий нашрларни, интернет тармоғидаги янгиликларни кузатиб бориши лозим. Зеро, ички ишлар органлари ходимлари доим халқимизнинг кўз ўнгида, аҳоли орасида хизмат олиб боради, табиийки, ҳар куни ўзига турли масалаларда мурожаат қилган фуқароларга қонуний ва асосли жавоб беришига тўғри келади.

Ўзингиз ўйланг, китоб ўқимаган, дунёқараши тор, нотиқлик маҳорати бўлмаган ходим юқорида таъкидланган вазифаларни сифатли бажара оладими? Бирор-бир муаммо юзасидан ёрдам сўраб келган фуқарога қонуний йўл-йўриқ кўрсата оладими? Албатта, йўқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугун ҳар бир ички ишлар органи ходими жамиятда ҳуқуқий маданият тарғиботчисига айланиши, бунинг биринчи шарти сифатида, аввало, ўзи китобга ошно бўлиши лозим.

«Китоб тафаккур қанотидир», деган эди аллома адибимиз Ойбек. Китоб ўқиган инсон, қайси соҳада ишламасин, тўғри фикрлаш, оқу қорани ажратиш, мураккаб вазиятларда оқилона қарор қабул қилиш кўникмасига эга бўлади. Бундан ташқари, нутқи равон бўлади, одамларни ўз ортидан эргаштира олади. Булар эса ички ишлар органлари ходимлари учун энг керакли сифатлар ҳисобланади.

Шу боис ҳам бугун ички ишлар органларида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ходимларнинг ўз устида ишлаши учун зарур шароит яратиш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ички ишлар органларида амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида
2017 йилнинг декабрь ойида Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати таркибидаги музей ва кутубхона негизида вазирлик Кадрлар бош бошқармасига бўйсунувчи Маърифий ва ахборот-ресурс маркази ташкил этилди.

Ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида вазирлик кутубхонаси янги бинога кўчирилиб, замонавий жиҳозлар ҳамда электрон кутубхона учун компьютер тўпламлари билан таъминланди. Кутубхона 5 мингга яқин янги ҳуқуқий, тарихий-сиёсий, бадиий, илмий-оммабоп ва бошқа жанрлардаги адабиётлар, 7 мингга яқин электрон ресурслар билан бойи­тилди. Электрон кутубхона Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси базасига ҳамда интернет тармоғига уланган бўлиб, ходимлар шу ердан туриб, улардаги ноёб китоблар, диссертация ва авторефератлар ҳамда дунёнинг кўплаб давлатларида чиқадиган даврий нашрлар билан танишиш имконига эга.

Маърифий ва ахборот-ресурс маркази фақатгина фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиб қолмасдан, бу ерда турли янги асарлар тақдимотига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар ҳам ўтказиб келинмоқда. Мустақиллик йилларида тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш йўлида мардларча ҳалок бўлган ходимлар хотирасига бағишланган «Мард ўғлонлар номи барҳаёт», ички ишлар органларида кўп йиллар самарали хизмат қилган марҳум Ҳайдар Яҳёевнинг «Тилсим» номли китоблари тақдимотига бағиш­ланган маънавий-маърифий тадбирлар бунга мисол бўлади.

Ҳудудий ички ишлар органларида, вазирлик таълим муассасаларида ҳам бу борадаги ишлар доимий назоратга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, барча вилоятлар ИИБда ташкил этилган кутубхоналар янги адабиётлар билан бойитиб борилмоқда. Масалан, жорий йилда Қашқадарё вилояти ИИБ қошида ички ишлар органлари ходимлари ва бош­қа фойдаланувчиларга хизмат кўрсатувчи «Дор ул-кутуб» номли замонавий китоблар уйи барпо этилди. Шу кунларда Тошкент шаҳар ИИББда музей ва кутубхона учун янги замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда ташкил этилган Ички ишлар вазирлигининг академик лицейларида таҳсил олаётган бўлажак ходимларни ёшлигидан китобга ошно қилиб тарбиялаш мақсадида мазкур академик лицейлардаги ахборот-ресурс марказлари янги китоблар билан доимий бойитилмоқда. Бундан ташқари, вазирлик Академияси ахборот-ресурс маркази фондидаги талаб катта бўлган ҳуқуқий, тарихий-сиёсий, бадиий, илмий-оммабоп ва бошқа жанр­лардаги адабиётларнинг электрон вариантлари кўпайтирилиб, академик лицейларга тарқатилди.

Ички ишлар органлари ходимларининг интеллектуал салоҳияти, касбий, сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш ҳамда улар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг 2019 йил 27 февралдаги қўшма қарорига асосан, жорий йилнинг апрель – май ойларида илк бор ички ишлар органларининг ёш ходимлари, ҳарбий хизматчилари ҳамда вазирлик олий таълим муассасалари курсантлари ўртасида икки босқичда «Энг яхши китобхон» танлови ўтказилиб, ғолиблар ва совриндорлар ИИВ ҳамда Ёшлар иттифоқи томонидан қимматбаҳо совғалар ва бошқа мукофотлар билан тақдирланди.

Бундан ташқари, ички ишлар органлари ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, янги чоп этилган китобларни тарғиб қилиш мақсадида вазирлик ва унинг таркибий ҳамда ҳудудий бўлинмаларида китоб ярмаркаларини ўтказиш йўлга қўйилган. Ушбу ярмаркаларда республикадаги етакчи нашриётлар ва китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар ўзларининг янги чоп этилган турли жанрдаги китоблари билан иштирок этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, юксак интеллектуал салоҳиятга, ўз мустақил дунёқарашига эга, ташаббускор, жисмонан соғлом ва маънан етук бўлган ҳақиқий ватанпарвар ходимларгина бугун тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кучи, халқимизнинг ҳақиқий маънодаги ҳимоячиси ҳисобланади. Ички ишлар органлари ходимларида юқоридаги ижобий сифатларнинг шаклланишида эса уларнинг китобга ошно бўлиши, нафақат ўз касбий фаолиятига оид, балки турли жанрдаги китобларни ўқиб, ўз билими ва дунёқарашини кенгайтириб бориши муҳим аҳамият касб этади.

Элбек НОРМЎМИНОВ, капитан.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси

Бош бошқармаси
Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳри, Ю.Ражабий кўчаси 1-уй
Ушбу сайтда чоп этилган материаллардан фойдаланилганда www.hpbb.uz хаволасини кўрсатиб ўтиш шарт
Сайт яратувчиси: Online Service Group
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech