Сайт находится в тестовом режиме
Главное управление

Профилактики правонарушений Министерства внутренних дел Республики Узбекистан

Всегда на связи (71) 231-33-37
Русский

Традиция учитель-ученик

Шогирдлар камолидан кўнгли шод

Устоз-мураббийлар ҳар биримизнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутувчи фидойи инсонлардир. Улар қалбимизга эзгулик уруғин сочиб, бизни бахтли келажак сари етаклайди. Бизни тўғри йўлга бошлаб, халқимизга ҳалол ва виждонан хизмат қилишга ундайди.

Янгиариқлик истеъфодаги майор Озод Абдуллаев ҳам ана шундай фидойи устозлардан бири. У 21 йил ички ишлар органларида самарали хизмат қилди. Юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишда бор билим ва маҳоратини сарфлади. Кўп­лаб шогирдлар тарбиялаб, устоз деган шарафли номга муяссар бўлди. Ички ишлар органларидаги самарали хизмати ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. «Дўстлик» ордени, «Ўзбекистон Рес­публикаси Мустақиллигига 25 йил», эсдалик нишони, «Аъло хизматлари учун» кўк­рак нишони, ИИВнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.

Пенсияга чиққан қаҳрамонимиз ўн йил «Янгиариқ» шаҳарча фуқаролар йиғинига раислик қилди. Тўрт йил «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмасини бошқарди. Айни кунда у фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда. Бу фидойи инсонни нафақат Янгиариқ туманида, балки Хоразм вилоятида ҳам кўпчилик ҳурмат билан тилга олади.

– Устоз қанчалик маърифатли, бағрикенг бўлса, шогирд комил инсон бўлиб вояга етади, – дейди Озод Абдуллаев. – Юртимиз ривожига, халқимиз фаровонлигини таъминлашга нафи тегадиган фидойилардан бирига айланади. Устозим – истеъфодаги подполковник Отаназар Жуманиёзовдан кўп нарса ўргандим. У нафақат касбий кўникмамни шакллантиришга, балки ҳаётий тушунчаларимни бойитишга ҳам муносиб ҳисса қўшди. Оталарча ғамхўрлик кўрсатган устозимни ҳар куни эслайман, уйига йўқлаб бораман. Донишмандларга хос бўлган гурунгларини эшитиб, кўнглим яйрайди. Танамда аллақандай куч пайдо бўлади. Меҳнат қилишга иштиёқим ортади.

Устоз ўгитларига амал қилиб, ҳаётда ўз ўрнини топган Озод ака кўплаб шогирдлар тарбиялади. Айни кунда улар жамиятимизнинг турли соҳаларида фидойилик билан меҳнат қилишяпти. Тумандаги «Аччиққуйи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, истеъфодаги капитан Раҳимбой Қаландаров, «Жалоил» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, истеъфодаги капитан Абдулла Маҳмудов, «Қармиш» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, истеъфодаги катта сержант Ибодулла Йўлдошев, 22-умумтаълим мактабининг чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси, истеъфодаги ма­йор Баҳром Раҳимовлар устоз изидан бориб, одамлар ишончини қозонишди.

– Мустақил ҳаётга қадам қўйганингда устозинг чинакам дўстинг, қадрдонинг, маслаҳатчинг, суянчиғинг бўларкан, – дейди истеъфодаги майор Баҳром Раҳимов. – Озод акадек жонкуяр, бағрикенг ва меҳнатсевар инсоннинг шогирди эканлигимдан жуда хурсандман. У кишининг беғараз ёрдами туфайли ички ишлар органи ходими деган шарафли, аммо ғоят масъулиятли касбнинг оғир юкидан асло чўчимадим. Устозимнинг насиҳатлари, ўгитлари менга қўшқанот бўлди. Натижада йигирма йилдан зиёд ички ишлар органларида самарали хизмат қилдим.

Суҳбатимизга истеъфодаги капитан Раҳимбой Қаландаров ҳам қўшилади:

– Бир куни Озод ака «Доноларнинг бир ҳикматли гапи бор, шуни ҳеч қачон эсингдан чиқарма», деб қолдилар. Мен у кишининг сўзларига диққат билан қулоқ тутдим. «Кишини тўрт нарса ҳаволантиради: булар – бойлик, илм, мартаба ва ҳусн. Оллоҳ берган ўша хислатларга эга бўлиб, ўзлигингни йўқотиб қўймасанг, ҳақиқий инсон бўласан», дедилар. Мен устозимнинг ушбу насиҳатларига ҳали-ҳануз амал қилиб келаман.

Соғлом муҳитни шакллантиришда мураббийлик фаолиятининг ўрни бениҳоя катта. Шу боис вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши тажрибали мураббийлар билан ҳамкорликда ички ишлар органлари ходимлари ўртасида маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбиявий масалаларни кенг тарғиб қилиш, улар қалбига аждодларимизнинг бой маданий меросини, жасоратини чуқур сингдиришга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Бундай тадбирларни амалга оширишда истеъфодаги майор Озод Абдуллаевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Хулоса шуки, ибратли ҳаёт йўли, бой иш тажрибаси билан кўпчиликка намуна бўлаётган Озод Абдуллаевдек меҳрибон устозлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.

Хоразм вилояти.

Суратда: истеъфодаги майор Озод Абдуллаев Янгиариқ тумани ИИБ ходимлари – капитан Олимбой Эгамбердиев ва лейтенант Достон Машарипов билан суҳбатлашмоқда.

Главное управление

Профилактики правонарушений Министерства внутренних дел Республики Узбекистан

Республика Узбекистан, город Ташкент, улица Ю. Раджабий, дом 1
При использовании материалов опубликованных на данном сайте, ссылка на www.hpbb.uz обязательна.
Разработка сайта: Online Service Group
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech